Bosh sahifa | Ortga qaytish

ТЎҒИЛГАН КУН ЎЙЛАРИ

Кечагина бола эдим, югуриб шошган,
Бугун эса умр ўтди, қирқдан ҳам ошган.
Ҳар йилгидек ёш қўшилса умр ёшим-а
Ортга маҳзун боққанимча ақл адашган.

Ўтди, кетди болаликнинг завқли дамлари,
Мақсад бўлди илм ила ҳаёт безамоқ.
Ўн саккизда йигитликнинг баҳор тонгида,
Яратганим дардлар ила бўлди синамоқ!

Дўст деганлар махзун боқиб сўлғин юзим-а,
Қисқа эрур умри дея фоллар очишди.
Дардни берган шифосин ҳам берар-ку Оллоҳ,
Билмадилар…Умид узиб ташлаб кетишди!

Отам қолди, Онам қолди далда сўзлари,
Ҳаёт учун кураш дерди улар кўзлари.
Ҳар бандага синов экан аслида дунё,
Шукур дейман, дардлар кетди қолмай излари.

Отам қилган, Онам қилган орзу рўёби,
Талабалик сафда бўлдим кўплар қатори.
Йиллар ўтиб топар бўлдим ўз ноним ҳалол,
Шукур қилиб яшаш керак, дилим қарори!

Бугун бўйи бўйимга тенг фарзандим олди,
Шукур дейман бари қўлга китоб ололди…
Яратганим насиб қилиб бир кун қарисам
Рози бўлай, шул умрдан тўлса насибам…