Bosh sahifa | Ortga qaytish

САЛЛА КИЙГАН БОБОЛАР

Қишлоқларнинг файзи эди боболар,
Бугун излаб недир кўнглим тўлмади.
Соқол қўйган ёш ўспирин кўп, аммо
Не саллали бирор бобо қолмади ?

Давралари файзли эди бир замон,
Дуо қилса тилар эди “Бўл омон!”.
Ҳозиргилар сақласа-да минг иймон,
Салла кийган бирор бобо қолмади!

Гурунглари Алпомишу Гўрўғли,
Ва янаки “Яратганнинг биз қули…”
Билар эди ким-кимларнинг уруғи,
Салла кийган бирор бобо қолмади!

Салла каби унутиб уруғин ҳам,
Ўзи билмай гоҳида йўриғин ҳам,
Фарзандига беролмай буйруғин ҳам,
Бошда салла бирор бобо қолмади.

Чин кўнгилдан холис эди дуолар,
Ғийбат нима билмас эди боболар.
Иймонимиз ширин сўзла даволар,
Салла кийган бирор бобо қолмади!