Оқ оралаб секин сочига,
Ёш қўшилиб умр ёшига.
Не бир кунлар тушса бошига-
Ҳаммасига чидайди эркак,
Рўзғорим деб яшайди эркак!
Лой қорийди саҳар азонлаб,
Еяр нонин топар ҳалоллаб.
Эзса ҳамки ҳаёт мижжалаб,
Ҳаммасига чидайди эркак,
Рўзғорим деб яшайди эркак!
Фарзандлари-ўғил-қизлари,
Ёруғ бўлсин дейди юзлари.
Улар учун дадил излари,
Ҳаммасига чидайди эркак,
Рўзғорим деб яшайди эркак!
Умр бўйи толмасин билак,
Уриб турсин, мустаҳкам юрак.
Орзу қилди буюк келажак,
Ҳаммасига чидайди эркак,
Рўзғорим деб яшайди эркак!