Ота ёки онамисан-
Топганларинг боланг учун.
Миннат сезмас юракларинг,
Ҳатто чеккан ноланг учун.
Тирикманку топиб олсин,
Бу дунёда ўз йўлин деб.
Яшайгайсан жон куйдириб,
Кеча-кундуз ғамин еб.
Не деб атай бу туйғуни,
Ўйламайсан ўзинг бирам.
Ҳар отаки, ҳар она бор
Шу туйғуга бўлган қарам.
Юзда ажин, сочда қиров…
Танда ҳатто дард бўлса ҳам.
Яшайгайсан жон куйдириб,
Бола меҳри жонга малҳам.
Алмашади замон йиллар,
Балки эра, минглаб аср.
Аммо унут бўлмайди у,
Тирик жонни асрар меҳр.
Қай машаққат берсин ҳаёт-
Болам дея қилгунг сабр.
Яшайгайсан жон куйдириб,
Кўрмагайсан ҳаргиз жабр.
Яратганнинг бандасига-
Берган меҳри, мўъжиза бу.
Ҳаёт деган мувозанат-
Солиб турган жозиба бу.
Кузатса бас сўнгги йўлга,
Аллоҳ деган воланг учун.
Яшайгайсан жон куйдириб
Кеча-кундуз боланг учун!