Bosh sahifa | Ortga qaytish

ДЎСТ ТОПМАДИМ ОТАМДЕК

Шўхшан эдим бир замонлар ўйнаб юрган боламдек,
Ёшим ўтиб ўйга толдим, бугун мен ҳам одамдек.
Эй ёронлар ўзим-ку хўп, ҳатто болам ўйлаган,
Дўст топмадим бу дунёда, меҳрибоним отамдек!

Ҳаёт йўлим равон эди, дўст-қадрдон беҳисоб,
Ўйнаб кулдим, ўтди ёшлик ҳеч қилмадим сарҳисоб.
Омад деган гоҳо кетиб, бўлганида ҳол хароб
Дўст топмадим бу дунёда меҳрибоним отамдек!

Ҳар кўрганда айтар сўзи, меҳр қўйгин китобларга,
Ўғил-қизинг ўқит болам, ишонмагин саробларга.
Насиҳатга амал қилгин, ботма дейди гуноҳларга
Дўст топмадим бу дунёда меҳрибоним отамдек!

Яратганга итоат қил, шукр қил дер неъматларга,
Кибр деган шайтонга хос, учма дейди шуҳратларга.
Икки дунё саодатим ўйлаб қўяр ҳайратларга
Дўст топмадим бу дунёда меҳрибоним Отамдек!