Боламда йўқ меҳр дема, Онагинам,
Боланг дейди меҳрибоним сен ягонам.
Дунёлар-ки керак эмас сендан бўлак,
Сен бахтимга омон бўлгин, Онагинам!
Дуоларинг ижобати йўлим ёрқин,
Шукур дейман яратганга қалбим яқин.
Ўзим-ку хўп, фарзандларим суйдинг тағин
Сен бахтимга омон бўлгин, Онагинам!
Ўзим ўйлаб дунёлигим, боролмасам,
Ҳафта майли ойда бир бор кўролмасам.
Бу бағритош ўғлинг кечир йўқ баҳонам,
Сен бахтимга омон бўлгин, Онагинам!
Отам бирла онам дейман қўш қарисин,
Ҳажга олиб борсам қани, ҳар бирисин.
Ижобатин берсин ўғлинг шу дуосин,
Сен бахтимга омон бўлгин, Онагинам!