Болалик дамларинг қолар қўл силтаб
Энди сен ўзга уй суйган бекаси.
Отанг кўзларида қара жимир ёш
Ахир сен эдингда жажжи эркаси...
Онанг атрофингда бўлар гиргиттон
Келинсан қувончдан ёнар чеҳраси.
Ахир сен этидан унган нав ниҳол
Қиз она умрининг баҳор эртаси...
Қўл силтаб қолмоқда бугун остона
Энди бу ҳовлига меҳмон келишинг.
Ризолик сўрайсан қўллар дуода
Тиларлар энди ўз уйинг суюшинг...
Ёнингда бир умр ҳамроҳ, келбати
Кўп қизлар орзуси бўлган шўх йигит.
У бўлсин ардоғинг, удир бахт куйинг
Улғайдинг бу ҳақда тинглаб минг ўгит
Болалик қолмоқда бугун қўл силтаб
Кузатар яқинлар, бахтинг тилашиб.
Йил ўтиб оналик бахтинг кўргали
Борсинлар қувониб, бешик безашиб...
@sherlar_rafael
✍️Рафаэл Сайдуллаев