Январнинг дастлабки тонгидан бири,
Ҳали кўп кетмаган байрам шукуҳи.
Телефоним жиринглар азон палласи
Хабардан эзилди одамнинг руҳи...
Укаю сингилга мехрибон бобом,
Тонг чоғи рихлатга этибди сафар.
Бу маъшум шум хабар бўлиб овоза
Эл улус йиғилди, ҳовлида саҳар.
Кун-кеча кўргандик саломат эди,
Бу не ҳол юрганди хуш қомат эди.
Саволдан уҳ тортиб, бобом тенгдоши
Бу жонлар худога омонат деди...
Ҳа шундай, доғларда қоларкан одам,
Яқинин йўқотиб кўзда ёш билан.
Биз ҳам бу фурсатда армон сипқориб
Турардик оҳ уриб, қариндош билан...
Тўрт ўғил, учта қиз бобом издоши,
Фарёдин чеки йўқ, оқар кўз ёши.
Набира, куёвлар катта оломон
Бу элда кўп шукур, бобом сирдоши.
Меҳнати синганди кичик бу юртга,
Лойиҳа бўйича уста- муҳандис.
Ҳар қарич изи бор тупроқ кўчада.
У сабаб ҳовлилар жойлашди текис.
Бировнинг ҳаққига қилмай хиёнат,
Оллоҳдан қўрққанча қилиб ибодат.
Бу гўзал умрни яшаб покиза -
Бўлолди бобомиз, биз учун ибрат...
Тупроққа топшириб фотиҳа ила
Қайтамиз сукунат қабр бошидан.
Йўл бўйи юракдан отилган сўзлар
Ҳўл қилди дафтарим, кўзим ёшидан...