Bosh sahifa | Ortga qaytish

СИЗ БОРСИЗ ДАДА

Кўксимни кўтариб юрибман шодон,
Суянар тоғимсиз, тутмайман пинҳон.
Насиҳат сўзингиз, йўлимда имкон
Яхшиям ёнимда, сиз борсиз дада!

Отаман, кўраябман оталик юкин,
Ташвишлар англатиб бу тўйғу секин.
Ёш қирқдан ўтса ҳам боламан лекин,
Яхшиям ёнимда, сиз борсиз дада!

Ҳар ютуқ, қувончим тилагувчи Сиз
Гоҳ тойиб йиқилсам суягувчи Сиз.
Хаққимга дуолар йўллагувчи Сиз,
Яхшиям ёнимда, сиз борсиз дада!

Оламни айланиб, кезиб пиёда
Дуст топдим ўзимча, кўплаб зиёда.
Аммо лек англадим, яшаб дунёда
Яхшиям ёнимда, сиз борсиз дада!

Илоҳим бахтимга соғ бўлинг дада,
Юзлашиб юз ёшни қаршиланг дада.
Бахтимсиз, ҳамиша асрасин худо
Яхшиям ёнимда, сиз борсиз дада!