Юрак бехос негадир толди,
Толиб руҳга саволлар солди.
Ҳаётингдан топдингми маъно
Ортингда дўст, нималар қолди?
Варақлагин умр дафтаринг,
Учмасидан бурун каптаринг.
Битилганми савоб, авфларинг
Ортингда дўст, нималар қолди?
Ушалдими орзу, армонинг,
Бўлганида амал-дармонинг.
Яқиндай-ку умр хирмонинг
Ортингда дўст, нималар қолди?
Инсон умри лаҳзага қиёс,
Баҳордан сўнг келган каби ёз.
Фақат унга қилма эътироз
Ортингда дўст, нималар қолди?
Ғариб дилин хушладингми айт,
Кўриб кўзинг ёшладингми айт.
Шукур сўзин бошладингми айт,
Ортингда дўст, нималар қолди?
Ободмиди айт юрган манзилинг,
Бу йўлларда борми бир изинг.
Соғинарми бирор ким сўзинг,
Ортингда дўст, нималар қолди?