Каприн қишлоғида яшаб ўтган, тўрт ўғли ҳам урушдан қайтмаган
Момой момо хотирасига!
Мўъжазгина қишлоқ бўлса-да,
Йўл йўқ, бори тупроқ бўлсада,
Келди хабар совуқ ва даҳшат:
«Ўғлонларин берсин Оналар!»
«Юртга фашист қўйиб қадамин,
Пайхон қилди гулзор чаманин.
Ҳимояга! Тезроқ!» , Шоҳ сўзи-
«Юртни севган берсин ўғлонин!»…
Ушбу хабар Момой момонинг,
Тилка пора қилди қалб тўрин.
Тўрт ўғлони сафда, Ҳукумат
Қолдирмади ҳеч қайси бирин!
Куну ойлар, баъзан йил ўтиб
Бирин-кетин келди қорахат…
Бири, икки эмас тўртидан,
Ҳатто бири келмади ҳайҳот!
Не гуноҳи бор эди дунё,
Она сабрин синади қат-қат.
Яратганга қилди кўп нола,
Кўз ёши-чи тинмади ҳеч вақт.
Эвоҳ насиб этмади қучмоқ,
Бирон ўғил қабрини зинҳор.
Тилаб ўтди, бундайин қисмат,
Ҳеч онада бўлмасин такрор!
Ич-ичидан куйиб ўтди У
Ишонмади, келар ,кутди У
Таскин бера олмади ҳеч зот
Кўз ёш билан яшаб ўтди У…