Қиз боладир палахмон тоши,
Қай жой, кимга насиб қиларкан.
Келин бўлиб кетар чоғида,
Кўнгли ўксиб йиғлаб оларкан.
Бош қўйганда кетар чоғида,
Ота-она бағрига бир зум.
Деркан ота кўзда ёш билан,
Бошинг тошдан бўлсин-да қизим.
Қизни кутар ўзга хонадон,
Кетар йиғлаб, дуолар дилда.
Фақат унга бўларкан таскин
Яқинларин сўзлари далда.
Келинг бирга қулоқ тутамиз,
Дугонасин қутлов сўзига.
Бахт қуёши насиб айласин,
Ҳар ҳаёли ўзбек қизига!