Bosh sahifa | Ortga qaytish

ТАЛАБАНИНГ

Орзу ўйи бир дунё,
Танлаган йўли зиё.
Осмонда учар гўё,
Талабанинг отаси,
Ҳамда севар онаси!

Ниятларин созлаган,
Шаҳардан уй излаган.
«Яқин манзил» кўзлаган,
Талабанинг отаси,
Ҳамда севар онаси!

Ўй хаёли болада,
Ҳаёти қил толада,
Ўйнайди бой ролида,
Талабанинг отаси,
Ҳамда севар онаси!

Йиртиқ ковуш оёқда,
Иссиқ кийим қаёқда,
Рўзғор хароб бу ёқда,
Талабанинг отаси,
Ҳамда севар онаси!

“Шартнома” ни қилиб ёд,
Пул тўплайди эҳтиёт,
Асра уни эй ҳаёт,
Талабанинг отаси
Ҳамда севар онаси!

Ёруғ кунлар келар дер,
Ўғлим олим бўлар дер,
Шунда бағрим тўлар дер,
Талабанинг отаси
Ҳамда севар онаси!