Bosh sahifa | Ortga qaytish

ОЛЛОҲ БИЛАДИ

Дунёни қаричда ўлчаб юрганлар,
Бор гуноҳ бўйнига маржон терганлар.
Бировга чоҳ қазиб, шодон турганлар,
Ким олдин, ким кейин Оллоҳ билади.

Ёд олиб тўрт қатор дуо-ю оят,
Ўзингча оммага бўлурсан ибрат.
Яратган кутгайдир холис ибодат,
Қай кимда қай ихлос, Оллоҳ билади.

Ота-ю оналар олиб дуосин,
То маҳшар авлодин қилиб ризосин,
Қолдирмас бирорта намоз қазосин,
Ким ёруғ, ким қаро Оллоҳ билади.

Кун келиб қабримга етарман ғаним,
Қарғама, шундоғам туробдир таним.
Оллоҳим қўлида омонат жоним
Ким дўсту, ким душман Оллоҳ билади...