Bosh sahifa | Ortga qaytish

ЮРИБМИЗ

Бўғзимга нимадир тиқилар гоҳи,
Билмадим, баъзида етмайди нафас.
Шаккоклик атама, кечир Оллоҳим,
Гоҳ дунёнг туюлар, дард тўла қафас…

Унда биз гоҳи шод, гоҳида маҳзун,
Одамзод номини судраб юрибмиз.
Бандадан дарс олар аслида шайтон,
Биз эса шайтонни қарғаб турибмиз.

Бир-бирин сотарлар баъзида улфат,
Тўй, базм... Қўшнига келсада кулфат.
Кун сайин сўнмоқда инсоний сифат,
Биз эса, жаннатинг кўзлаб юрибмиз.

Замона зўр ҳозир, ҳаммамиз доно,
Аммо-ки, унутдик бу дунё фано.
Гўё-ки қилмайди ҳеч кимса бақо,
Шаккоклик бобида шайтон ютибмиз.

Қиёмат яқинми билмадим Оллоҳ,
Дилларда ихлоссиз давом тавалло.
Яратган қўллагай деганча эй воҳ,
Бандалар пойига бошлар урибмиз.

Кечиргин Оллоҳим, ҳамма бир эмас,
Чин мўмин ўзингдан ўзгани демас.
Иймоним асрай деб, қилганча ҳавас
Беш кунлик дунёинг, кезиб юрибмиз...