Ўз йўлини топар бўлса, дилбандларинг,
Бежиз эмас бу дунёда, ҳайбатларинг.
Ақл бирла мағзин чақсанг, ҳайратларинг,
Яшаб ўтар умр йўлинг муборакдир.
Ҳақни таниб дуо қилса ўғил-қизинг,
Шукур қилгин бу дунёда бордир изинг.
Иймон ила Ҳақ ёнида ёруғ юзинг,
Яшаб ўтар умр йўлинг муборакдир.
Ниҳол эксанг кунлар келиб тугар мева,
Қай шаклни истар бўлсанг, берар соя.
Абад эмас ҳаёт шаминг бор ниҳоя,
Яшаб ўтар умр йўлинг муборакдир.
Яхшиликка ошномисан, суйгай элинг,
Нафинг тегса юрт корига, яйрар дилинг.
Шу хислатла ўтса ёғду, ҳаёт йўлинг,
Яшаб ўтар умр йўлинг муборакдир.